“Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирган юзлаб маҳалла ва қишлоқлар қаторидан энди Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Эшонобод қишлоғи ҳам жой олди.
Амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли бу ерда яшаётган қарийб 3 минг нафардан зиёд аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз берди. Жорий йилда олиб борилган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли “Эшонобод” бамисоли мўъжаз шаҳарча кўринишини олди. Бу ерда барпо этилган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги дўстлик байрамига айланди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари жам бўлган ушбу тадбирларда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам иштирок этди.
Қишлоқнинг исми жисмига мос Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла маркази билан танишув меҳмонларда катта қизиқиш ва таассурот уйғотди. Марказда “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилган.
Шулар қаторида мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, Давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектор штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган. Меҳмонлар шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, икки институтни уйғун ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг чекка бир қишлоқдаги натижасига юқори баҳо берди.
Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олди. 200 ўринли мазкур маданият ва санъат ўчоғи кўп миллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ниҳоятда катта имкониятдир.
Тадбир иштирокчилари бу ерда бешта муҳим ташаббус, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида яратилган шароитлар, турли тўгараклар, қишлоқ аҳли ва ёшлар учун яратилган бошқа имкониятлар билан танишди. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дам олиш шароитларини яхшилаш учун “Китобхонлар боғи”нинг барпо қилиниши – қишлоқ ҳаётида катта воқеликдир.
Бу хиёбон – мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган. Шу куни хиёбондаги амфитеатрда бахши-жировларнинг айтишувлари ҳам бўлиб ўтди. “Аҳиллик” кўчасидаги қурилган ўтов ичи ва атрофида ҳам қишлоқдаги кўп миллатли аҳолининг аҳил-иноқ, тотув-ҳамжиҳат ҳаётидан ҳикоя қилувчи ўзига хос дўстлик муҳити ҳукм сурди. Меҳмонлар ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус ва татар миллатларининг урф-одатлари, миллий таомлари, ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари билан танишди.
Аҳолини, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш “Обод қишлоқ” дастурининг бош мақсадларидан бири. Эндиликда қишлоқда яшовчи чеварлар замонавий тикув корхоналарида меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда. Олис бир ҳудудда марказдагидан асло қолишмайдиган корхона қурилгани, икки сменада 500 нафар хотин-қиз томонидан замонавий андозалар асосидаги кийимларни тикилаётгани, маҳсулотларни экспортга чиқариш ҳам бошлангани меҳмонлар томонидан эътироф этилди. Аҳамиятлиси, шу ерда хотин-қизларга тикиш-бичиш сир-асрорини ўргатувчи 200 ўринли замонавий ўқув маркази ҳам иш бошлади. Корхона ойига 6 минг дона кийим-кечак тайёрлаш қувватига эга.