2027 йил 1 январдан Грецияда 15 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланади. Мамлакат парламенти тегишли қонун лойиҳасини маъқуллади.
Қонун лойиҳаси ташаббускори Греция давлат вазири Акис Скерцос бўлди. Ҳужжат парламентнинг ялпи мажлисида депутатларнинг кўпчилик овози билан қўллаб-қувватланди.
Бироқ чекловларни жорий этиш ташаббусини фақат ҳукмрон «Янги демократия» партияси қўллаб-қувватлади. Бошқа сиёсий кучлар вакиллари ташаббусга қарши овоз берди ёки овоз беришда бетараф қолди.
Греция ҳукумати вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш режалари ҳақида 2026 йил баҳоридаёқ маълум қилган эди. Афина бу чорани Испания, Буюк Британия ва Франция каби Европа мамлакатларидаги шунга ўхшаш ташаббуслар фонида кўриб чиқмоқда.
Янги қоидалар 2027 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган.


