2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистонда 24,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,3 фоизга кам. Шу билан бирга, йил бошидан бери ўғирланган табиий газ қиймати 390,2 млрд сўмга етди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишлаб чиқариш ҳажми ҳам пасайган. Газ, нефть ва кўмирни ўз ичига олган ёқилғи-энергетика фойдали қазилмалари тоифасидаги ишлаб чиқаришнинг пулдаги ҳажми 27,1 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг январь–август ойларидаги кўрсаткичнинг 86,5 фоизига тенг бўлиб, пасайиш 13,5 фоизни ташкил қилди.
Қазиб олиш ҳажми камайиб бораётган бир пайтда мамлакатда энергия ресурсларини тежаш чоралари ҳам кўрилмоқда. 2026 йилда 2,84 млрд куб метр табиий газ ва 4,378 млрд кВт·соат электр энергиясини тежаш режалаштирилган. Йирик корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирмаган ҳолда энергия истеъмолини камида 10 фоизга қисқартириши керак.
Бироқ энергия ресурсларини тежаш чоралари билан бир қаторда, газ ўғирланиши муаммоси ҳам долзарблигича қолмоқда. «Ўзэнергоинспекция» маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан буён ўғирланган табиий газнинг қиймати 390,2 млрд сўмга етган.
Таққослаш учун, бу сумма январь–август ойларида ёқилғи-энергетика фойдали қазилмалари тоифасидаги ишлаб чиқаришнинг пулдаги ҳажмининг тахминан 1,44 фоизига тенг. Бироқ бу фақат шартли таққослаш бўлиб, кўрсаткичлар давр ва қамров жиҳатидан фарқ қилади. Қолаверса, ишлаб чиқариш тоифасига табиий газдан ташқари нефть ва кўмир ҳам киради.
Газ қазиб олиш камайиб, корхоналардан энергия истеъмолини қисқартириш талаб этилаётган шароитда ёқилғи ўғирланиши мамлакат иқтисодиёти ва энергетика тизими учун қўшимча муаммо бўлиб қолмоқда.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида қанча йўқотиш юзага келаётгани ва етказилган зарарни қоплаш қанчалик самарали амалга оширилаётгани масаласи очиқ қолмоқда. Газ қазиб олиш ҳажми қисқараётган шароитда талон-торож ҳолатларига қарши курашиш энергетик хавфсизликни таъминлашнинг ҳам муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
В. Новиков


