Минск шаҳрида Ўзбекистон қовунига бағишланган фестиваль бошланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Фестиваль доирасида Беларусь пойтахтига Жиззах вилоятидан қарийб 2,5 тонна қовун етказиб берилди. Ўзбекистоннинг Беларусьдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нуриддин Мамажоновнинг маълум қилишича, маҳсулотнинг 1,5 тоннаси биринчи куни самолёт орқали Минскка олиб келинган. Яна 1 тонна қовун етказилиши режалаштирилган.
Тадбирда қовундан ташқари, ўзбек мева-сабзавотлари ҳам намойиш этилмоқда. Меҳмонларга палов ва Самарқанд нони каби миллий таомлар ҳам тақдим этилмоқда.
Фестиваль Ўзбекистон маданияти ва миллий анъаналарини Беларусь аҳолисига яқиндан танитишга қаратилган. Тадбир доирасида Жиззах ва Навоий вилоятларидан келган санъаткорлар ҳамда рақс жамоалари иштирокида концерт дастурлари ўтказилмоқда.
Ташкилотчилар келгусида бундай маданий тадбирларни Беларусь ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида мунтазам ўтказишни режалаштирган. Жумладан, йил давомида узум, анор ва бошқа ўзбек маҳсулотларига бағишланган фестивалларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Минск шаҳар ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Александр Комендант тадбирнинг асосий мақсади иқтисодий алоқалардан ташқари, Беларусь аҳолисини Ўзбекистоннинг маданияти ва анъаналари билан таништириш эканини таъкидлади.
Фестиваль биринчи куниёқ кўплаб минскликлар ва пойтахт меҳмонларини жалб қилди. Улар ўзбек миллий таомларини татиб кўриш билан бирга, санъаткорларнинг чиқишларини ҳам томоша қилди.
Ўзбекистон қовунига бағишланган фестиваль 29 ва 30 август кунлари ҳам Минскдаги Спорт саройи ёнида давом этади.


