Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегацияси билан учрашди.
Америка делегацияси таркибидан конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейс ўрин олди. Учрашув аввалида делегация аъзолари Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошган.
Томонлар энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларини қамраб олган уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқди.
Учрашувда ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар икки давлат ишбилармонлик делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.


