Тошкент халқаро аэропортида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
«Бангкок — Тошкент» йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари рентген аппарати орқали текширилганда, улар орасида шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги аниқланган.
Текширув давомида маҳсулотлар турли озиқ-овқат воситалари ниқоби остида олиб кирилгани маълум бўлди. Уларнинг орасидан 978 грамм каннабис мойи ҳамда таркибида психофаол модда мавжуд бўлган, умумий оғирлиги тахминан 500 грамм бўлган қўзиқоринлар топилган.
Аниқланишича, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган ва муқаддам судланган шахс мазкур маҳсулотларни кейинчалик сотиш мақсадида Ўзбекистонга олиб кирган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


