Тошкент шаҳрида «New Port» турар-жой мажмуаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат ортидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, 2 август куни ижтимоий тармоқларда Яккасарой тумани Дамариқ маҳалласидаги Абдулла Қаҳҳор кўчаси, 19-уйда яшовчи фуқароларга компенсация маблағлари тўлиқ тўланмаётгани ҳамда уй ноқонуний бузилаётгани ҳақида видеомурожаат тарқалган.
Текширув давомида «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари тўлиқ якунланмаганига қарамасдан, ушбу уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланган.
Шунингдек, компания томонидан қурилиш учун тегишли рухсатнома расмийлаштирилмасдан мазкур ҳудудда бир нафар 20 қаватли, икки нафар 19 қаватли, бир нафар 12 қаватли ҳамда икки қаватли турар-жой бинолари ўзбошимчалик билан қурилгани маълум бўлган.
Текширув якунлари асосида «Mega Logistics Servise» МЧЖнинг мансабдор шахслари ва бошқа масъулларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши алоҳида назоратга олинган бўлиб, унинг натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши маълум қилинди.


