Саудия Арабистони шаҳзодаси Абдулла бин Фаҳад бин Абдулла бин Абдулазиз бин Жаллавий Ал Сауд ўтган йил ноябрь ойида Лондондаги меҳмонхоналардан бирида вафот этгани маълум бўлди.
The Telegraph нашри маълумотига кўра, 29 ёшли шаҳзоданинг жасади Кенсингтон туманидаги Marriott меҳмонхонаси хоналаридан бирининг ҳаммомида меҳмонхона ходими томонидан топилган.
Суд материалларига кўра, марҳумнинг қонида алкоголь ва гиёҳванд моддалар аниқланган. Шунингдек, у аввалроқ қарамликдан даволангани ҳам қайд этилган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, шаҳзодада сурункали касалликлар аниқланмаган. Оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ўлимга алкоголь ва гиёҳванд моддаларнинг ўзаро таъсири натижасида юрак фаолиятининг тўхташи сабаб бўлган.
Абдулла бин Фаҳад бин Абдулла бин Абдулазиз бин Жаллавий Ал Сауд Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг узоқ қариндошларидан бири ҳисобланган.


