АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) хорижлик талабалар, маданий алмашинув дастурлари иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун амал қиладиган айрим ноиқимматли виза тоифалари бўйича янги муддат чекловларини жорий қилди.
16 июль куни эълон қилинган янги қоидаларга кўра, F тоифасидаги талабалар визаси ва J тоифасидаги маданий алмашинув дастурлари иштирокчилари учун АҚШда бўлишнинг энг кўп муддати тўрт йил этиб белгиланади.
I тоифасидаги журналистик визалар ҳам чекланган муддатга берилади. Янги тартибга мувофиқ, аксарият давлатлар фуқаролари учун мазкур виза 240 кунгача, Хитой фуқаролари учун эса 90 кунгача амал қилади.
Шунингдек, таълимни якунлаган талабаларга АҚШни тарк этиш ёки бошқа олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш учун бериладиган имтиёзли муддат ҳам қисқартирилмоқда. Илгари бунинг учун 60 кун ажратилган бўлса, энди ушбу давр 30 кунни ташкил этади.
Янги қоидаларга биноан, хорижлик талабалар мамлакатга фақат таълим олиш даври учун киритилади ва ушбу муддат тўрт йилдан ошмаслиги лозим.
АҚШ Давлат департаменти изоҳида қайд этилишича, 1978 йилдан буён амал қилиб келган тартиб хорижлик талабаларга мамлакатда номаълум муддатгача қолиш имконини берган. Бу эса айрим шахсларга мамлакатни тарк этмаслик мақсадида мунтазам равишда турли ўқув курсларига ёзилиб, «абадий талаба» мақомида қолиш имконини яратган. Янги тартиб ана шундай ҳолатларга чек қўйишга қаратилгани таъкидланмоқда.


