Apple компанияси OpenAI, унинг икки нафар ходими ҳамда io Products компаниясига қарши федерал судга даъво киритди. Компания жавобгарларни тижорат сирларини ноқонуний ўзлаштиришда айбламоқда.
Даъвога кўра, OpenAI Apple’нинг собиқ ходимларини ишга ёллаш орқали компаниянинг махфий ички маълумотларига эга бўлган. Apple жавобгарлар янги маҳсулотлар ва ички лойиҳаларга оид материалларни «тизимли равишда ўзлаштиргани»ни таъкидламоқда.
OpenAI айбловларни рад этди. Компания вакили Дрю Пусатери OpenAI «бошқа компанияларнинг тижорат сирларига қизиқмаслиги»ни билдириб, ҳозирда даъво аризасини ўрганаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компания фойдаланувчилар имкониятларини кенгайтирувчи инновацион технологияларни яратишга эътибор қаратган.
Apple эса даъво «муҳим далиллар»га асосланганини қайд этди.
Федерал судда кўриб чиқиладиган мазкур ишда OpenAI, унинг икки нафар ходими ва io Products компанияси жавобгар сифатида иштирок этади.


