2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирок этиши мамлакат ва унинг сайёҳлик салоҳиятига бўлган халқаро қизиқишни сезиларли даражада оширди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар қилди.
Google Trends ва мониторинг тизимлари маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда «Uzbekistan Colombia World Cup 2026» сўрови бўйича қидирувлар сони 450 фоизга ошган. Шу билан бирга, «Uzbekistan» сўровига бўлган умумий қизиқиш 40 фоизга, мамлакат туризми билан боғлиқ қидирувлар эса 10 фоизга кўпайган. Энг юқори фаоллик Ўзбекистон терма жамоасининг Колумбия ва Португалияга қарши ўйинлари вақтида кузатилган.
Туризм қўмитасида қайд этилишича, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш кампанияси натижасида Ўзбекистон ҳақидаги материаллар 3 мингдан ортиқ халқаро оммавий ахборот воситалари ва янгиликлар агрегаторларида чоп этилди. Уларнинг умумий аудитория қамрови 52 миллиондан ортиқ ўзаро мулоқотни ташкил этди.
Ўзбекистон ҳақидаги материаллар нафақат спорт нашрларида, балки BBC, ESPN, MSN, The Guardian, Fox News, Daily Mail, NDTV ва VnExpress каби йирик халқаро оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинди.
Жаҳон чемпионати давомида Туризм қўмитаси мусобақа мезбон шаҳарларида туристик стендлар, фан-зоналар ва маданий тадбирлар ташкил этиб, хорижлик мухлисларни Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари билан таништирди.
Асосий лойиҳалардан бири сифатида Атланта халқаро аэропортида Ўзбекистоннинг туристик павильони очилди. У ерда туристик йўналишлар тақдимотлари, маданий тадбирлар ва салоҳиятли сайёҳлар билан учрашувлар ўтказилди.
Туризм қўмитаси баҳосига кўра, мамлакатнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки миллий туристик брендни тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш ҳамда хорижий сайёҳларни жалб этиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.

