Жаҳон банки гуруҳи таркибидаги хусусий сектор билан ишловчи IFC 2026 йил 1 июлдан бошлаб Имад Н. Фахури Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вице-президент лавозимига тайинланганини эълон қилди.
БААнинг Дубай шаҳрида фаолият юритадиган Фахури қарийб 700 миллион аҳоли истиқомат қиладиган минтақада иш ўринлари яратиш ва хусусий капитални жалб қилишга қаратилган IFC фаолиятига раҳбарлик қилади.
Ушбу минтақа турли тараққиёт босқичида турган иқтисодиётларни қамраб олади. IFC бу ерда бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, ривожланаётган бозорларга инвестициялар жалб қилиш ҳамда иш ўринлари ва янги имкониятлар яратадиган хусусий секторни қўллаб-қувватлаш йўналишида иш олиб боради. Минтақавий вице-президент сифатида Фахури 21 мамлакатдаги ҳамкорликни мувофиқлаштиради ва ҳажми 11 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган амалдаги инвестиция портфелини бошқаради.
Имад Н. Фахури Иордания фуқароси бўлиб, хусусий сектор инвестициялари, давлат-хусусий шериклик (ДХШ), махсус иқтисодий зоналар, капитал жалб қилиш, хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, инфратузилма, халқаро тараққиёт ҳамда қочқинлар инқирозига бардошлилик тамойиллари асосида жавоб қайтариш соҳаларида давлат ва хусусий секторда катта тажрибага эга.
У бундан аввал IFCнинг Жанубий Осиё бўйича директори лавозимида ишлаган. Жаҳон банки гуруҳига 2019 йилда қўшилган ва Жаҳон банкида инфратузилмани молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик ва кафолатлар бўйича глобал директор вазифасини бажарган.
Жаҳон банки гуруҳига қадар Фахури Иордания ҳукуматида режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазири, давлат секторини ривожлантириш вазири ҳамда мегалойиҳалар вазири лавозимларида фаолият юритган. Шунингдек, у Иордания қироли Абдулла II аппарати раҳбари ва мамлакат Сенати аъзоси бўлган.
Фахури Акаба махсус иқтисодий зонасини ташкил этишга раҳбарлик қилган, давлат-хусусий шериклик соҳасидаги йирик битимларни бошқарган ҳамда ушбу йўналишдаги бир қатор стратегик миллий компанияларнинг таъсисчиларидан бири бўлиб, уларнинг кузатув кенгашлари таркибида ҳам фаолият юритган.

