III Халқаро Мақом санъати форуми доирасида «ШҲТга аъзо давлатларнинг маданиятлараро мулоқоти» форуми бўлиб ўтди. Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар маданият вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, шунингдек, маданият ва санъат соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда маданий-гуманитар ҳамкорлик ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Қайд этилишича, ташкилотга аъзо давлатлар ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик, ишонч ва маданий хилма-хиллик тамойиллари асосида ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда.
Форум иштирокчилари жорий йилда ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланаётганини таъкидлаб, бу сана тадбирга алоҳида аҳамият бағишлаганини қайд этдилар. Сўзга чиққанлар ўтган давр мобайнида ташкилот сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорликни таъминлаган нуфузли халқаро тузилмага айланганини билдирдилар.
Муҳокамалар чоғида глобаллашув шароитида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, стереотипларни бартараф этиш ва турли цивилизациялар вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш долзарб вазифалардан бири экани қайд этилди.
Форумда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мулоқот майдони ШҲТ маконида маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди. Қайд этилишича, Ўзбекистон кино, театр, мусиқа, рақс санъати, музейлар фаолияти ва бошқа йўналишларда ташкилот мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Шунингдек, «Маданият кунлари» тадбирлари, қўшма театр гастроллари, музей кўргазмалари ва халқаро фестиваллардаги иштирок маданий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида эътироф этилди.
Форумда ШҲТ мамлакатлари аҳолиси сони 3 миллиарддан ортиқ экани, бу эса жаҳон аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилиши таъкидланиб, ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва қўшма маданий лойиҳаларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунларига кўра, миллий анъана ва қадриятларни асраш, маданий меросни рақамлаштириш, уни сақлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро форум ва фестиваллар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Иштирокчилар мазкур форум ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқларни яқинлаштириш ва «Шанхай руҳи» тамойилларини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

