Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳусейн Гулиевни қабул қилди.
Учрашувда давлат раҳбари элчининг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган самарали ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Олий даражадаги ва бошқа форматлардаги мулоқотлар фаоллашгани қайд этилди. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли натижаларга эришилиб, товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ошди. Бугунги кунда озарбайжон капитали иштирокида 280 та корхона фаолият юритмоқда, Қўшма инвестиция компанияси ташкил этилган.
Шунингдек, геология, қишлоқ хўжалиги, транспорт, шаҳарсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳалари фаол амалга оширилаётгани таъкидланди.
Маданий-гуманитар алмашинув соҳасида ҳам қатор муҳим дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Ҳусейн Гулиев «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
Ўз навбатида, элчи ўз дипломатик фаолиятига берилган юксак баҳо учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришда кўрсатилган ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун ташаккур изҳор этди.

