Президент кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш учун бир қатор устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.
Биринчи йўналиш – инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш. Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари учун фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божлари нол фоиз этиб белгиланади. Капиталнинг эркин ҳаракати, исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти сўзсиз кафолатланади.
Иккинчи йўналиш – капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш. Бу борада “Капитал бозори тўғрисида”ги ва “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинади.
Учинчи йўналиш – юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш. Очиқ рақамли геология маълумотлар базаси яратилади, аукционга қўйиладиган конлар 4 карра кўпайтирилади, “қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача” бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ва Самарқандда барпо этилаётган “Келажак металлари” технопаркларига хорижий сармоя кенг жалб қилинади.
Тўртинчи йўналиш – “яшил” энергетика ва сунъий интеллект соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш. Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона яратилди. Бу ҳудудда 2040-йилгача инвесторлар барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилинади, йўл, электр, сув инфратузилмаси давлат ҳисобидан қуриб берилади, 1 киловатт-соат электр энергияси учун 5 цент миқдорида имтиёзли тариф белгиланади.
Бешинчи йўналиш – минтақавий транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш. Жумладан, Хитой ва Қирғизистон билан ҳамкорликда стратегик темир йўл қурилиши жадал давом эттирилмоқда. Жанубий денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини берадиган Трансафғон коридори лойиҳаси устида фаол иш олиб борилмоқда.
Олтинчи йўналиш – ҳудудларни ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш. Пойтахтимизга туташ ҳудудда 2 миллион аҳолига мўлжалланган замонавий Янги Тошкент мегаполиси бунёд этилмоқда. Шунингдек, Андижон, Наманган ва Самарқандни миллионли шаҳарларга айлантириш бўйича лойиҳалар бошлаб юборилган. Юртимизда уй-жой қурилиши лойиҳалари йилига камида 10 миллиард долларлик кафолатли бозорни таъминлайди.
Нутқнинг тўлиқ матни билан танишиш.

