Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида янги Бухоро халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси бўйича малакавий саралаш сўрови босқичи якунланди.
Аризаларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, Идоралараро тендер комиссияси дастлабки малакавий саралашдан муваффақиятли ўтган ва тендернинг иккинчи босқичи — таклифлар сўровида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган иштирокчилар рўйхатини тасдиқлади.
Лойиҳага Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка давлатларини қамраб олган 20 дан ортиқ мамлакатдан 51 та компания қизиқиш билдирган. Техник, ҳуқуқий ва молиявий баҳолаш ишларидан сўнг олти нафар халқаро иштирокчидан иборат қисқа рўйхат шакллантирилди.
Лойиҳа «Uzbekistan Airports» компанияси, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан давлат-хусусий шериклик дастури доирасида амалга оширилмоқда.

