Ўзбекистон ва Швеция ҳукуматлари «Миграция ва мобиллик тўғрисида»ги битим ҳамда мазкур йўналишдаги пилот дастурни амалга ошириш бўйича қўшма декларацияни имзолади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон фуқароларининг Швецияда қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиши, таълим олиши ва яшаши учун ҳуқуқий асос яратади. Томонлар Швеция меҳнат бозори учун мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бу, хусусан, тиббиёт, муҳандислик, хизмат кўрсатиш ва аҳолига ғамхўрлик қилиш соҳаларини қамраб олади.
Битим доирасида ўзбекистонлик иш изловчилар ва швециялик иш берувчилар ўртасида ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, талабалар ва ёш олимлар учун академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, шунингдек, миграция дастурлари иштирокчилари ҳамда уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш назарда тутилган.
Шу билан бирга, виза тартиб-таомилларини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунгача бўлган муддатда визасиз тартиб жорий этилади.
Томонлар ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни сохталаштиришга қарши кураш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Дастур доирасида Швеция меҳнат бозорининг эҳтиёжлари ўрганилади, шунингдек, миграция лойиҳаларида иштирок этиш истагидаги фуқаролар учун швед тили курслари ва касбий тайёргарлик дастурлари ташкил этилади.

