Остона шаҳрида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев «Олтин Ўрда дашт цивилизациясининг модели сифатида: тарих, археология, маданият, идентиклик» мавзусидаги халқаро симпозиумда сўзга чиқиб, Олтин Ўрда тарихий меросини ҳар томонлама ва холис ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари Олтин Ўрда нафақат ўз даврининг энг йирик сиёсий тузилмаси, балки цивилизациялар ўзаро ҳамкорлигининг муҳим маркази бўлганини, у Евроосиё давлатлари ривожига таъсир кўрсатганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу давр тарихини фақат урушлар ва босқинлар нуқтаи назаридан эмас, балки давлат институтлари, иқтисодиёт, маданият ва интеллектуал мерос ривожи нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш лозим.
Тоқаев тарихий тадқиқотлар холис ва сиёсий жиҳатдан нейтрал бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади. Умумий тарихий меросни монополия қилишга уринишлар эса ишончсизликнинг ортиши ва илм-фан таназзулига олиб келиши мумкинлигини айтди.
Президент келгусидаги тадқиқотларнинг бир нечта асосий йўналишларини ажратиб кўрсатди: Буюк дашт интеллектуал меросини, Олтин Ўрданинг давлат бошқаруви тизими ва унинг иқтисодий моделини ўрганиш. У Абу Наср ал-Фаробий ва Хожа Аҳмад Яссавий каби мутафаккирларнинг минтақа ривожига таъсир кўрсатган ғояларини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Қозоғистон раҳбари тарихий меросни сақлаш бўйича ишлар давом этаётганини, жумладан, Жўчи Улусини ўрганиш институти фаолияти, Қозоғистон академик тарихининг Олтин Ўрдага бағишланган алоҳида жилдини тайёрлаш, шунингдек, маданий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида маълум қилди.
Симпозиум якунлари бўйича махсус резолюция қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, у Олтин Ўрда тарихи ва меросини ўрганишга янги туртки бериши кутилмоқда.

