Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қувасой шаҳридаги «Crown Ceramic» қўшма корхонасига ташриф буюриб, керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Корхона 2025 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ташкил этилган. Унинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 8 миллион квадрат метр маҳсулотни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 35 миллион долларлик экспорт амалга ошириш режалаштирилган.
Заводда маҳаллийлаштириш даражаси 97 фоизга етган — асосий хомашё маҳаллий конлардан етказиб берилади. Бу ерда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган йирик форматли керамогранит ишлаб чиқарилмоқда.
Ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган, энергия тежамкор технологиялар ва экологик ечимлар жорий этилган. Жумладан, фильтрация тизимлари, сувни қайта ишлатиш ва энергия сарфини камайтириш чоралари қўлланилмоқда.
Жорий йилнинг январь–март ойларида корхона Қирғизистон ва Тожикистонга 80 минг квадрат метр маҳсулотни 400 минг долларга экспорт қилди. Келгусида Қозоғистон, Россия ва Европа мамлакатларига етказиб беришни кенгайтириш режалаштирилган.
Корхонада, шунингдек, қиймати 20 миллион доллар бўлган глазур ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг ишга туширилиши 2026 йил сентябрига мўлжалланган. Бу қўшимча иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Ташриф чоғида давлат раҳбари бундай лойиҳаларнинг ҳудудий иқтисодиётни ривожлантириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги аҳамиятини таъкидлади.

