2026 йил 13 апрель куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Орипов ва Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин иштирокида Қўшма комиссиянинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Учрашувнинг асосий мавзуси стратегик аҳамиятга эга соҳаларда қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга бағишланади. Кун тартибида савдо-иқтисодий, илмий-технологик ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
Томонлар саноат, энергетика, жумладан тинч атом соҳасидаги лойиҳалар, транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларига алоҳида эътибор қаратади.
Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда: Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 3 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Россияда эса ўзбек капитали иштирокида 700 дан зиёд компания мавжуд. Ҳозирда умумий қиймати тахминан 4 триллион рубл бўлган 150 га яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Жиззах вилоятида Росатом иштирокида атом электр станцияси қурилиши олиб борилмоқда. Шунингдек, қўшма технопарклар фаолият юритмоқда ва янги саноат майдонларини ишга тушириш режалаштирилган.
Ўзбекистон хориждаги Россия олий таълим муассасалари филиаллари бўйича энг йирик тармоққа эга — бугунги кунда улар сони 15 тага етган. Улар қаторида Москва давлат университети, МГИМО ва МИФИ бор. Яқин режаларда Бауман номидаги МГТУ ва Пирогов номидаги РНИМУ филиалларини очиш кўзда тутилган.
Томонлар шунингдек МДҲ, ШҲТ ва БРИКС доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эга бўлиб, Евроосиё иқтисодий комиссияси ва Евроосиё тараққиёт банки билан ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

