10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси 2025 йил якунлари, устувор вазифалар ва келгуси мақсадларга бағишланган ҳамда 2026 йил учун биринчи очиқ стипендия танлови эълон қилинган матбуот анжуманини ўтказди.
Жамғарма 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, 2025 йил 5 майда Президент фармони билан трансформация қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тузилмага ўтказилди.
Унинг асосий миссияси — ёшларни, жумладан хорижда, хусусан халқаро рейтингларда топ-300 таликка кирувчи етакчи жаҳон университетларида ўқитиш орқали иқтисодиёт ва жамиятнинг асосий тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат. Ватанга қайтган битирувчилар илғор билимларни жорий этиш, давлат институтларини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, рақамлаштириш, маданият ва бошқа муҳим соҳаларни янги босқичга олиб чиқишда иштирок этади ва Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўз ҳиссасини қўшади. Бу жараён аллақачон амалий натижалар бермоқда.
«Эл-юрт умиди»нинг асосий тамойилларидан бири — танлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигидир. 2025 йилда қисқа муддат ичида arizalar қабул қилиш учун my.gov.uz тизимига интеграция қилинган онлайн платформа ишга туширилди. Ўша йили ўтказилган икки очиқ стипендия танловида платформа орқали 15 400 нафар номзод рўйхатдан ўтди. Якунда 237 нафар (163 бакалавриат талабаси, 61 магистрант, 13 PhD докторант) ғолиб деб топилди, уларнинг 70 фоизи топ-100 университетлар талабаларидир.
Жойларда таълимий марафонлар ўтказилиб, ҳудудларда ёшлар билан учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Масалан, 2025 йилда 220 дан ортиқ тадбир, жумладан 120 та маърифий тадбир ўтказилди. Улар орқали 66 829 нафар ёш, шу жумладан мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қарийб 40 минг мактаб ўқувчиси ва талаба қамраб олинди.
— Ҳар йили камида икки марта стипендия танлови ўтказилади. Жумладан, 3 апрель куни навбатдаги танлов эълон қилинди ва у олти босқичдан иборат. Дастлабки тўрт босқич ҳужжатларни қабул қилиш ва қайта ишлашга бағишланган. Бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари қўллаб-қувватланади. Кейинги босқич — тест синовлари. Бакалаврлар учун 40 та савол берилади: 20 таси мантиқий фикрлаш, 20 таси IQ бўйича. Бу ерда тор ихтисос эмас, балки умумий фикрлаш даражаси ва ўқиш қобилияти баҳоланади. Магистрантлар ва докторантлар учун илмий методология бўйича қўшимча тестлар ҳам назарда тутилган. Якуний босқич — комиссия билан суҳбат. Комиссия таркиби ҳар йили тасдиқланади ва камида 50 фоизи давлат сектори, ННТ, жамоат ва хусусий ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларидан шакллантирилади. Таркиб мунтазам янгиланиб боради. Чет тилини билишни тасдиқловчи сертификат мажбурий ҳисобланади. Бакалавриат учун камида IELTS 6.0 ёки унга тенг даража, магистратура ва докторантура учун камида 7.0 талаб этилади. Таълим олинадиган мамлакатга қараб бошқа тиллар ҳам қабул қилинади. Магистратурага кириш учун камида бир йиллик расмий иш стажи, докторантура учун эса камида икки йиллик стаж ва илмий мақолалар мавжуд бўлиши керак. Асосий талаб — топ-300 га кирувчи хорижий ОТМдан қабул хати бўлиши. Молиялаштириш тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. 2018–2026 йиллар давомида жамғарма 2400 дан ортиқ шахсни қўллаб-қувватлади, уларнинг 1600 га яқини ўқишни тамомлаб, мамлакатга қайтди. Ҳозирда 700 дан ортиқ стипендиат дунёнинг 30 га яқин мамлакатида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Италия, Франция, Жанубий Корея ва Японияда таҳсил олмоқда, — деди жамғарманинг ахборот хизмати раҳбари Элвина Мустафина.
Жамғарма ёрдами фақат таълим даври билан чекланиб қолмай, стипендиатларни иш билан таъминлаш масалаларини ҳам қамраб олади. Дастурнинг асосий мақсади — давлат томонидан ёшларга инвестиция киритиш ва уларнинг кейинчалик мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишини таъминлашдан иборат.
— Бугунги кунда стипендиатлар кўпроқ STEM йўналишларини танламоқда: математика, физика, муҳандислик (электротехника ва машинасозлик), сунъий интеллект, data science — маълумотлар таҳлили, шунингдек фанлараро йўналишлар. Масалан, халқаро муносабатларни сунъий интеллект билан ёки иқтисодиётни технологиялар (fintech) билан уйғунлаштириш орқали келажакда банк ва молия соҳасида мураккаб тизимларни самарали бошқариш имкони яратилади. Айниқса, қизларнинг фаол иштироки қувонарли. Илгари улар кўпроқ ижтимоий йўналишларни танларди, ҳозир эса аэрокосмик муҳандислик, IT ва бошқа юқори технологияли соҳаларда ҳам муваффақиятли таҳсил олмоқда, — деди жамғарманинг ижроия директори Гулноза Исмаилова. — Шунингдек, стипендиатлар ижтимоий лойиҳалар ва профессионал ҳамжамиятларга бирлашмоқда. Биз платформа орқали уларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашиши учун шароит яратяпмиз. Бугун таълим йўналишлари сони 700 дан ошган ва бу катта экотизимни ягона тармоққа бирлаштириш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси — бу фақат иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш дастури эмас, балки давлат раҳбарининг стратегик лойиҳаси бўлиб, Ўзбекистон келажагини жаҳон даражасидаги билим ва тажрибага эга ёшлар барпо этишига қаратилган.
Жамғарма режаларига Ўзбекистонда хорижий университетлар филиалларини очиш ва қўшни давлатлардан талабаларни жалб қилиш киради. Яқин йиллардаги асосий вазифа — ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ва битирувчиларни миллий иқтисодиётга самарали интеграция қилиш механизмларини шакллантиришдан иборат.
Динара Шамухамедова

