Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси ҳамда фарминспекция томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган текширувлар якунига кўра, белгиланган талабларга риоя этмаслик ҳолатлари кўплаб аниқланди. Натижада 23 та дорихонанинг лицензияси бекор қилинди.
Маълум қилинишича, асосий қонунбузилишлар сертификатланмаган дори воситаларини сақлаш ва сотиш, шунингдек мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтмаган, маркировка қилинмаган, сифатсиз ёки қалбаки дори препаратларини реализация қилиш билан боғлиқ бўлган.
Энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида қайд этилган. Лицензияси бекор қилинган дорихоналар орасида Marva-Pharm, Adolat Yulduz Farm, Gipofiz Farm, The Great Farm, Pharma Brend, Maxsudbek Biznes ва Mexr-Shifo Med Farm ҳам бор.
Шунингдек, ушбу дорихоналар, уларнинг манзиллари, ходимлари ва филиаллари ҳақидаги маълумотлар махсус қоидабузарлар реестрига киритилган. Қайд этилишича, мазкур рўйхат очиқ эълон қилиниб борилади.
Идорада таъкидланишича, тегишли сертификатларсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш ҳамда сотиш учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик чоралари назарда тутилган.

