Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган “Аския” бозорида ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланиб, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида бозор ҳудудида хавфсизлик талабларига риоя этилмагани маълум бўлган. Шу муносабат билан мазкур объектдаги камчиликлар бартараф этилгунга қадар чеклов чоралари қўлланилган.
Шу билан бирга, “Ўрикзор” савдо комплексидаги 9 та блок ҳам ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилгани сабабли электр таъминотидан вақтинча узилган.
Назорат тадбирлари натижасида бошқа қатор савдо объектларида ҳам камчиликлар аниқланган. Хусусан, “Наврўз” деҳқон бозори, “Мидстрой сервис” МЧЖ, “Қўйлиқ” қурилиш бозори, “Tashkent Trade Center” МЧЖ, “Абу Сахий” бозори ҳамда “Фарҳод” деҳқон бозорининг айрим ҳудудлари электр таъминотидан узилган.

