Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари божхона органлари билан ҳамкорликда сифатсиз дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйди.
Оператив тадбир давомида аниқланишича, Тошкент вилояти Тошкент туманида яшовчи шахс мамлакатга белгиланган тартибларни четлаб ўтиб ноқонуний йўл билан олиб кирилган дори воситаларини сақлаш ва сотишни йўлга қўйган. Ушбу препаратлар пойтахт дорихоналари орқали сотилган.
Унинг яшаш манзилида жойлашган омборхона кўздан кечирилганда, 119 номдаги жами 76 318 дона дори воситалари 3356 та қадоқда аниқланган. Улар орасида «Фроту», «Буденофальк», «Гевискон» ва бошқалар мавжуд.
Мусодара қилинган маҳсулотларнинг дастлабки қиймати тахминан 1 миллиард сўмни ташкил этади.
Ҳозирги вақтда препарат намуналари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига экспертиза учун юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

