Тошкентда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иккита ноқонуний диний таълим муассасаси фаолиятига чек қўйди.
Идора маълумотига кўра, уларни Янгихаёт туманида хусусий олийгоҳ ўқитувчиси ва унинг талабаси ташкил этган. Жами 14 нафар бола таълим олган бўлиб, улар орасида Тожикистон фуқаросининг фарзанди ҳам бўлган.
Тезкор тадбирлар давомида мактаблардан бирида диний мазмундаги 49 та китоб, 24 та дарс ёзувлари туширилган дафтар ҳамда ноутбук мусодара қилинган.
Бундан ташқари, тергов давомида ўқувчиларга нисбатан зўравонлик қўлланилгани, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказилгани аниқланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

