Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган қарор қабул қилинди. Ҳужжатда миллий суверенитет ва мустақиллик мамлакат тараққиётининг асосий омили сифатида эътироф этилган.
Қарорга кўра, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида республика бўйлаб кенг кўламли байрам тадбирлари ўтказилади. Шу мақсадда Республика комиссияси тузилиб, барча ҳудудларда маънавий-маърифий дастурлар, фестиваллар ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади.
Шунингдек, “Мустақиллик тўйи” фестивали, халқаро конференциялар, ҳужжатли фильмлар, ижтимоий тармоқларда тарғибот акциялари ташкил этилади. “Ватан фидойилари” монументини яратиш, эсдалик тангалар зарб этиш ва янги объектларга мустақиллик номи бериш ҳам режалаштирилган.
Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир зиммасига юклатилди. Ушбу чора-тадбирлар мамлакат нуфузини ошириш, халқ фаровонлигини юксалтириш ва Янги Ўзбекистон тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

