Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Бухоро вилоятининг Жондор туманида “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун қиймат занжирларини яратиш” мавзусида бизнесни ривожлантиришга қаратилган тренингни ўтказди. Мазкур тренинг “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида, Глобал экологик фонд молиявий кўмагида ва миллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилди.
Тренинг Фермерлар дала мактаби (FFS) ёндашуви асосида ташкил этилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжларига мос амалий билимларни тақдим этди. Унда айниқса сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва асаларичилик йўналишларида қиймат занжирларини ривожлантиришга эътибор қаратилди.



Тадбирда ўрмон хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ҳудудий ташкилотлар вакиллари иштирок этди, бу эса қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга комплекс ёндашувни намоён этди.
“Қиймат занжирларини мустаҳкамлаш қишлоқ ишлаб чиқарувчиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Амалий тренинглар орқали фермерлар ва тадбиркорлар қўшимча қиймат яратиш, бозорларга чиқиш ва барқарор даромад манбаларини шакллантириш имкониятига эга бўлади,” — деди Нариман Нишанов, лойиҳа миллий координатори.




Мазкур тренинг иштирокчиларга брендинг, бозор позициясини мустаҳкамлаш ва қўшимча қиймат яратиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни бериб, рақобатбардош ва барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Навбатдаги тренинг Навоий шаҳрида ўтказилиб, ҳудудлар бўйлаб билим алмашиш ва қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилади.




ФАО Ўзбекистонда барқарор ер ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалиги қиймат занжирларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали узоқ муддатли иқтисодий барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишда давом этмоқда.

