Ўзбекистонда исломий молия тизимини ривожлантиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат исломий банк фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.
Қонунга мувофиқ, исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун Марказий банк томонидан лицензия берилади. Мазкур лицензия муддатсиз ҳисобланади ва уни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.
Ҳужжатда исломий молия операцияларининг асосий турлари ҳам белгилаб берилган. Жумладан, фойдани тақсимлаш асосида молиялаштириш, инвестициявий омонатларни жалб этиш, вакиллик шартномалари орқали маблағлар ажратиш, товарларни насияга сотиш ва олдиндан тўлов асосида молиялаштириш каби механизмлар назарда тутилган.
Шунингдек, шерикчилик асосида инвестиция киритиш, юридик шахслар устав капиталида иштирок этиш ҳамда мол-мулкни исломий ижара (сотиб олиш ҳуқуқи билан) асосида бериш амалиёти ҳам қонун доирасида мустаҳкамланди.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради. Мутахассислар ушбу ҳужжат исломий молия хизматларини кенгайтириш ва молия бозорида янги имкониятлар яратишга хизмат қилишини таъкидламоқда.

