Ўзбекистон Миграция агентлиги Япониянинг Proud Partners компанияси билан ҳамкорликда ҳайдовчиларни ишга таклиф этмоқда. Танлов 30 мартдан 3 апрелга қадар онлайн суҳбат шаклида ўтказилади.
Маълум қилинишича, Японияда юк ташувчи ҳайдовчи сифатида ишлаш учун 200 та вакансия очилган. Номзодлар аввал Ангрен шаҳрида 8 ойлик бепул ўқув курсларини ўташлари керак бўлади. Ўқув даврида иштирокчилар ётоқхона билан таъминланади.
Талабларга кўра, номзодлар 21–35 ёш оралиғида бўлиши, BC тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши ва С тоифани олганига камида 3 йил бўлган бўлиши лозим. Япон тилини биладиганларга устунлик берилади.
Маош ойига 1200–2000 доллар атрофида бўлиб, қўшимча иш соатлари учун алоҳида ҳақ тўланади. Шунингдек, иш натижаларига қараб йилда икки марта бонус ажратилиши мумкин.

