Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш ва тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди. Тегишли қарорни Президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор субсидиялар жорий этилади. Хусусан, пилла етиштирувчилар — ипак қурти пилласини парвариш қиладиган шахслар, шунингдек уй шароитида ишловчиларга топширилган пилла учун ипакчилик кластерлари томонидан амалда тўланган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор “маҳалла еттилиги” деб аталадиган коллегиал хулоса асосида қабул қилинади.
Бундан ташқари, Ўрмон хўжалиги ва яшил ҳудудларни кенгайтириш агентлиги балансидаги ер участкаларида ипакчилик кооперативларини ташкил этиш учун кам таъминланганлар реестрига киритилган ва кооператив аъзоси бўлган оилаларга 4 миллион сўм миқдорида субсидия берилади. Бунда бир оила аъзоси бундай ёрдамдан фақат бир марта фойдаланиши мумкин.
Уй шароитида ишловчиларга ипак қуртини парвариш қилиш учун зарур бўлган жиҳоз ва асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида 3 йил муддатга фоизсиз қарзлар ҳам тақдим этилади. Бундай қарзлар миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлади.
Ипак қурти уруғини (грена) тайёрлаш билан шуғулланувчи уруғчилик корхоналарига давлат мавсумий ишчиларнинг ойлик иш ҳақининг 50 фоизини қоплаб беради, аммо бу сумма энг кам иш ҳақининг икки бараваридан ошмаслиги керак.
Шу билан бирга, қарорга мувофиқ ипакчилик кластерлари учун солиқ имтиёзлари ҳам назарда тутилган. 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача бўлган даврда пиллани етиштириш ва сақлаш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар мол-мулк солиғидан, улар жойлашган ер участкалари эса ер солиғидан озод қилинади.
Даромадининг камида 70 фоизи ипакчилик фаолиятидан тушадиган корхоналар учун фойда солиғи ставкаси 2 фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, ипак матолари ва тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар учун ижтимоий солиқ 1 фоизгача пасайтирилади.
Шу даврда ипак қурти уруғини тайёрлаш ва пилла етиштириш билан боғлиқ мавсумий ишларга жалб этилган фуқароларнинг даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилинади.
Тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш доирасида тутзорлар майдонини кенгайтириш режалаштирилган. Янги тут плантациялари учун томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш харажатларини қоплаш мақсадида ҳар гектар учун 8 миллион сўмгача субсидия ажратилади.
Майдони 2 гектар ва ундан ортиқ бўлган тутзорларда вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, насос станцияларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек каналлар ва сув ҳавзаларидан сув олиш учун гидротехник иншоотлар барпо этиш харажатларининг 100 фоизи қоплаб берилади — 150 миллион сўмгача.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига мавжуд тутзорларни олиб қўйиш ёки улар жойлашган ерларнинг тоифасини ўзгартириш тақиқланди.
2026 йил 1 сентябрга қадар pillachilik.uz электрон платформасини ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Унда тутзорлар майдони, пилла етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари, тармоқнинг мақсадли кўрсаткичлари, тузилган шартномалар, шунингдек ипак қурти уруғини тақсимлаш ва ҳосилни қабул қилиш ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.
Платформа доирасида мобил илова ҳам яратилади. Унда пилла етиштириш агротехникаси қоидалари бўйича ўқув материаллари ва медиаконтент жойлаштирилади.

