Яқин Шарқдаги можаро ва Россияга қарши жорий этилган авиасанкциялар Осиё, Австралия ва Европа ўртасидаги авиақатновларга жиддий таъсир кўрсатди. Қатор мамлакатлар ҳаво ҳудудларини ёпгани туфайли халқаро авиация тармоқлари катта узилишларга дуч келмоқда.
Reuters маълумотига кўра, вазият кескинлашганидан бери дунё бўйлаб 23 мингдан ортиқ рейс бекор қилинган. Натижада Осиё ва Европа ўртасидаги ҳаво йўлаклари ортиқча юкламага учраб, авиачипталар нархи кескин ошмоқда.
Европага йўл олган айрим йўловчилар уйига қайтиш учун АҚШ орқали, деярли ер шари атрофини айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Хитойдан Европа томонга рейслар сони камайган, Яқин Шарқ орқали амалга ошириладиган кўплаб транзит парвозлар бекор қилинган.
Дубай, Абу-Даби ва Доҳадаги йирик авиация хабларида ҳар куни 1000 дан ортиқ учиш ва қўниш амалга ошмай қолгани транспорт алоқаларига жиддий таъсир кўрсатди. Мазкур аэропортлар узоқ масофали парвозлар учун асосий транзит нуқталар ҳисобланарди.
Мутахассислар таъкидлашича, миллионлаб йўловчилар альтернатив йўналишларни излашга мажбур бўлмоқда. Австралия ва Осиёдаги авиабилет агентликлари мурожаатлар сони 75 фоизгача ошганини қайд этмоқда.
Айрим парвозлар Кавказ, Афғонистон ёки Миср орқали айланма йўналишларга йўналтирилмоқда. Бу эса масофани минглаб километрга узайтиб, ёқилғи сарфи, экипаж иш вақти ва хизмат кўрсатиш харажатларини оширмоқда.
Авиакомпаниялар харажатларнинг бир қисмини йўловчилар зиммасига юкламоқда. Масалан, Гонконгдан Лондонга иқтисод класс чипталари 11 мартгача тўлиқ сотиб бўлинган бўлиб, минимал нарх 2700 долларга етган. Сидней–Лондон йўналишида ҳам иқтисод класс чипталари 17 мартгача тугаган.
Авиация мутахассислари бу ҳолат сўнгги йилларда глобал ҳаво транспорти соҳасидаги энг оғир инқирозлардан бирига айланиши мумкинлигини таъкидламоқда.

