Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва совуқ тушиши эҳтимоли туфайли қишлоқ хўжалиги экинларини ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, вазирлик ҳамда тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан тўқсонбости усулида экилган пиёз ва бошқа экинларни совуқдан асраш бўйича тавсиялар тайёрланиб, деҳқон ва фермерларга етказилган.
Мутахассисларга кўра, сабзавот экинлари совуққа чидамлилигига қараб бир нечта гуруҳга бўлинади. Пиёз, саримсоқпиёз, шовул, ровоч ва ерқалампир каби экинлар совуққа нисбатан чидамли ҳисобланиб, -10°С дан -15°С гача, қор остида эса -20°С дан -25°С гача бўлган ҳароратга бардош бера олади.
Совуқ кунлардан кейин экинларни “стресс” ҳолатидан чиқариш учун қатор агротехник чоралар кўриш тавсия этилмоқда. Хусусан, экинларни микроэлементлар ва аминокислоталарга бой препаратлар билан қўшимча озиқлантириш, тез таъсир этувчи азотли ўғитлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, ҳаво ҳарорати паст бўлган ҳолатларда экинларни эгат устидан шаффоф плёнка билан ёпиш, тупроқ намлигини сақлаш ва мунтазам суғориш ҳам совуқ таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

