Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан маданият ва санъат йўналишида ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Грузия Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасидаги муҳим ва яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганини ҳар икки мамлакатда ўтказилаётган халқаро тадбирларда санъаткорлар фаол иштирок этаётгани орқали ҳам кўриш мумкин.


Хусусан, Ўзбекистонда ўтказиб келинаётган “Лазги” халқаро рақс фестивали, Бахшичилик санъати халқаро фестивали каби йирик маданий анжуманларда грузин санъаткорлари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, театрлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда. Ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 9–11 март кунлари Ўзбекистонда “Грузия маданияти кунлари” тадбирлари ўтказилмоқда.


Маданият кунлари доирасида 9 март куни Маданият вазирлигида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Грузия маданият вазири Тинатин Рухадзе хоним ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама маданий ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.


Шу куни пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “Грузия маданияти кунлари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Грузия маданият вазири Тинатин Рухадзе, Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда грузин санъати ихлосмандлари иштирок этди.


Тадбир доирасида “Маданиятлар мулоқоти: Ўзбекистон ва Грузия — асрлар мероси ва замон нафаси” номли гала-концерт дастури намойиш этилди.


Концерт дастурида Ўзбекистоннинг “Тумор” рақс ансамбли ҳамда Грузиянинг “Эрисиони” давлат академик халқ ашула ва рақс ансамбли ўз санъатини тақдим этди.


Шунингдек, маданият кунлари доирасида 10–11 март кунлари пойтахтдаги Ўзбекистон Миллий кино саройида грузин бадиий фильмлари намойиши бўлиб ўтади. Кино намойишида “Тўй”, “Соябон”, “Мусиқачилар”, “Ғалати одамлар” каби турли жанрдаги фильмлар кўрсатилади.






Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 9–12 июль кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида “Ўзбекистон маданияти ва кино кунлари” тадбирлари ўтказилган эди. Унда ўзбекистонлик санъаткорлар ва раққосалар иштирокида гала-концерт дастури ҳамда миллий кинофильмлар намойиши ташкил этилган.

