3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев аёллар ва болалар ҳуқуқларини тубдан кучайтиришга қаратилган ташаббуслар пакетини тасдиқлади. Янги чоралар жинсий жиноятлар учун жавобгарликни кескин ошириш, фавқулодда ёрдамнинг рақамли механизмларини жорий этиш ҳамда ёш оналар учун ижтимоий кафолатларни кенгайтиришни назарда тутади.
Давлат сиёсати тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз кураш йўлини танламоқда. Жумладан, жинсий шилқимлик учун маъмурий қамоқ муддати беш суткагача белгиланмоқда. Вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун эса умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин. Шунингдек, жинсий жиноятларга оид олти модда бўйича жиноят ишларини тергов қилиш ваколати ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказилади. Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддалари билан болаларга нисбатан жиноят содир этган шахслар колония-поселенияга ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Жабрланганларни тезкор ҳимоя қилиш мақсадида технологик ечим жорий этилади: муҳофаза ордерини олган аёллар мобил қурилмаларига махсус «SOS» иловаси ўрнатилади. Тревога тугмаси босилганда, беш километр радиусдаги ички ишлар ходимлари ўн дақиқа ичида ҳодиса жойига етиб бориши шарт. Бундай ишлар бўйича тергов ва суд жараёнларида фақат махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар, адвокатлар ва судьялар иштирок этади.
Ташаббусларнинг алоҳида йўналиши эрта никоҳларга қарши курашга бағишланган. Мамлакатда никоҳларнинг қарийб 40 фоизи 18–19 ёшда тузилаётгани инобатга олиниб, 21 ёшдан кейин оила қуришни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Фуқаролик ҳушёрлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида никоҳ ёшига оид қонунбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга тайинланган жариманинг 15 фоизи миқдорида рағбат пули тўлаш тартиби жорий этилади. Шунингдек, эрта никоҳ ёки 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатларини яшириш учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Ёш оналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим соҳасида ҳам имтиёзлар берилади. Ҳомиладор ёки уч ёшгача боласи бор талабаларга ўқишни мослашувчан дастурлар асосида давом эттириш имконияти яратилади. Президент мутасадди идораларга қабул қилинган чораларни кенг тарғиб қилиш ва ҳар бир фуқаро янги ҳимоя механизмлари ҳамда зўравонлик учун жазонинг муқаррарлиги ҳақида хабардор бўлишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

