2 март куни Берлин шаҳрида ўтказилган халқаро туризм кўргазмаси доирасида туризм вазирлари саммити ташкил этилди. Анжуман ривожланаётган йўналишлар имкониятларини кенгайтириш ва соҳанинг салоҳиятини самарадорликка йўналтириш масалаларига бағишланди.
Саммит туризм соҳасида барқарор ўсишни таъминлаш, иқтисодий самарадорликни ошириш, маданий ва табиий меросни асрашга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалий тажриба алмашиш учун юқори даражадаги мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Муҳокамалар марказида туризмни бошқариш моделларини такомиллаштириш, инвестициялар жалб қилиш, инсон капиталини ривожлантириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, йўналишларни диверсификация қилиш орқали рақобатбардошликни ошириш масалалари турди.
Саммитда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси А. Аққулов иштирок этиб, мамлакатда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестициявий устувор йўналишлар, ҳудудий туризмни ривожлантириш ва барқарор институционал муҳит яратиш чоралари ҳақида ахборот берди. Шунингдек, маҳаллий ҳамжамиятларни жалб этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, бундай халқаро мулоқот майдонлари глобал туризм бозорида мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантириш, узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва миллий иқтисодиётда соҳанинг улушини кенгайтиришга хизмат қилади.

