2025-йил якунларига кўра, юртимизда 45 381 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига узатилган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан жами 209 млрд 201 млн сўм миқдорида субсидия олган. Бу кўрсаткич аҳоли ўртасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, субсидиянинг энг катта қисми қуйидаги ҳудудларга тўғри келган:
📍 Хоразм вилояти – 55,4 млрд сўм;
📍 Қорақалпоғистон Республикаси – 29,1 млрд сўм;
📍 Бухоро вилояти – 25,7 млрд сўм.
Мутахассислар фикрича, айниқса қуёшли кунлар сони юқори бўлган ҳудудларда панеллар самарадорлиги юқори бўлаётгани тўловлар ҳажмига ҳам таъсир кўрсатган.
Субсидияни қандай олиш мумкин?
Фуқаролар ҳисобланган маблағни “Soliq” мобиль иловасининг “Keshbek va imtiyozlar” хизматидаги “Quyoshli xonadon” бўлими орқали олишлари мумкин. “Kartaga pul o‘tkazish” ойнаси орқали субсидия тўғридан-тўғри банк картасига ўтказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023-йил 1-апрелдан “Quyoshli xonadon” дастури доирасида хонадонларига қуёш панеллари ўрнатган жисмоний шахсларга панел орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар бир киловатт соат электр энергияси учун 1000 сўмдан субсидия ажратиш тартиби жорий этилган.

