25 февраль куни Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Андижон вилоятига амалий ташриф билан бориб, ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган ишлар билан танишди.
Дастлаб Хонабод шаҳрида барпо этилаётган йирик туризм мажмуаси қурилиши кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасида замонавий инфратузилма яратиш, дам олиш ва кўнгилочар хизматлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Хонтўғ дам олиш маскани фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, сервис сифатини ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ташриф доирасида бир қатор туман ва шаҳарларда амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан сунъий кўл барпо этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш, янги дам олиш ҳудудларини ташкил этиш ташаббуслари кўриб чиқилди. Шунингдек, тарихий-археологик объектларнинг жозибадорлигини ошириш, улар атрофида хизмат кўрсатиш инфратузилмасини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Андижон шаҳрида янги туризм ҳудудлари, сайёҳлар учун кеча-кундуз фаолият юритувчи кўчалар, ҳунармандчилик йўналишидаги этнографик зоналар ташкил этиш ишлари ҳам таҳлил қилинди.
Ташриф якунида йўллар ва муҳандислик тармоқларини яхшилаш, меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари фаолиятини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш белгиланди.

