Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Навоий ва Тошкент шаҳарларида қалбаки валюта савдоси билан боғлиқ ҳолатларга барҳам берилди.
Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Туркиядан Қирғиз Республикаси орқали мамлакатимизга олиб кирилган қалбаки АҚШ долларларини муомалага киритиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Наманган шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган шахс ўзининг жиноий шериги — 1972 йилда Жиззах вилоятида туғилган, айни пайтда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ва муқаддам бир неча маротаба судланган фуқаро билан тил бириктирган. Улар 100 АҚШ долларлик купюра кўринишидаги қалбаки 19 900 АҚШ долларини 14 000 АҚШ долларига сотишга уринган вақтда ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент шаҳрида аниқланган яна бир ҳолатда эса, Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс пойтахтлик фуқаронинг ишончига кириб, гўёки қалбаки бўлган йирик миқдордаги пулларни арзон нархда сотишни таклиф қилган. У 100 АҚШ долларлик купюралардаги 10 минг АҚШ доллари, 100 минг сўмлик купюралардаги 10 млн сўм ва 50 минг сўмлик купюралардаги 5 млн сўмни 5 500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у пул воситаси ҳисобланмайдиган купюраларни сотишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

