2026 йил 21 февраль куни соат 17:35ларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 7-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётган, Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан айбланиб қамоққа олинган, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Қ. соғлиги ёмонлашган.
У Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилаётган вақтда, соат 18:00ларда вафот этган.
Бирламчи суд-тиббиёт хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими 2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари натижасида юзага келган. Танасида жароҳат излари аниқланмаган.
Маълумот учун, 2026 йил 18 февраль куни айбланувчи касаллиги сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб чиқилиб, унинг яқин қариндоши хабардор қилинган ва шифохонада учрашув ташкил этилган. Муолажалардан сўнг 20 февраль куни шифокорлар хулосасига асосан соғлиғи қониқарли деб топилиб, ҳибсхонага қайтарилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.

