Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ички ишлар органлари ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда интернет орқали гиёҳванд моддалар савдосига қарши йирик операция ўтказди.
Рейд давомида пойтахт аҳолиси орасидан интернет-наркомагазин фаолиятига алоқадор шахслар қўлга олинди. Юқоричирчиқ туманида 1993–1995 йилларда туғилган уч нафар эркак бўлган автомашина тўхтатилди. Улардан 37 та «Тропикамид» флакони ва 124 та «Прегабалин» капсуласи мусодара қилинди.
Кейинчалик Тошкентнинг турли туманларида яширин жойлар тайёрлаган яна икки нафар «закладчик» ушланди. У ерлардан 1 186 та «Прегабалин» капсуласи ва 125 та «Тропикамид» флакони аниқланди. Маълум бўлишича, мазкур препаратлар Сергели туманидаги нарколабораториядан етказиб берилган. У ерда 1987–2000 йилларда туғилган тўрт нафар шахс гиёҳванд моддалар тайёрлаш билан шуғулланган ҳолда қўлга олинди. 5 130 та «Прегабалин» капсуласи (10 кг модда), 75 та «Тропикамид» флакони (6 кг модда), 60 мингта бўш капсула ва флаконлар, шунингдек лаборатория жиҳозлари мусодара қилинди.
Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманида 1987 йилда туғилган эркак ушланиб, унинг уйи ва автомашинасидан 24 мингдан ортиқ кучли таъсир этувчи дори воситалари («Прегабалин», «Регапен», «Лирика», «Перге») топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, препаратлар Қирғизистондан келган контрабандачилардан 34 000 АҚШ долларига харид қилинган ва Тошкентда сотиш учун мўлжалланган.
Барча ушланганларга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Фарғона вилоятида ҳам шерикларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тадбирлар давом этмоқда.

