Ўзбекистоннинг икки ҳудудида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди.
Сурхондарё вилоятида Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, у Шеробод туманида яшовчи фуқарога полиз экинларини етиштириш учун ҳокимият захира жамғармасидан 9 гектар ер майдонини тўрт ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган.
Январь ойида мансабдор 30 млн сўм олган, қолган 60 млн сўмни олиш вақтида Термиз шаҳрида ашёвий далиллар билан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчи қамоққа олинган.
Наманган вилоятида Чуст тумани ҳокимининг ёрдамчиси қўлга олинди. Тергов версиясига кўра, у ариза берувчининг қариндошига саноат ҳудуди “Sadaсha”да аввал ажратилган 43 сотих ер майдонидан 20 сотихини расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилган.
10 минг АҚШ доллари миқдоридаги авансни олиш вақтида мансабдор Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандини 25-модда орқали (жуда катта миқдордаги фирибгарлик) қўллаб жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

