Сурхондарё вилоятида ўтказилган рейд тадбири давомида ноқонуний ов қилиш ҳолатига чек қўйилди. Текширув вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳамда Миллий гвардия вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Термиз туманидаги Учкўл кўллари яқинидаги дашт ҳудудида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро Е.Ф. томонидан 13 та ёввойи қуён ноқонуний равишда овлангани аниқланди.
Маълум бўлишича, ов тунги вақтда ёритиш асбобидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлиб, бу ҳайвонларни овлашнинг тақиқланган усули ҳисобланади. Қоидабузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ чоралар кўрилди.
Табиатга етказилган зарар миқдори 5 млн 356 минг сўмни ташкил этди. Ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган учта ов қуроли ашёвий далил сифатида олиб қўйилиб, вилоят ички ишлар бошқармасига топширилди.
Аввалроқ Навоий вилоятида ҳам саксаулни ноқонуний равишда қазиб олиб, сотишга уринган шахсга нисбатан шундай чоралар кўрилган эди.

