2026 йил 14 февраль куни Тошкент шаҳрида туризм ва меҳмондўстлик соҳасининг муҳим тадбирларидан бири — VII Hotel Business Forum 2026нинг иккинчи куни бўлиб ўтди. Анжуман Hilton Tashkent City меҳмонхонасида ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси томонидан Туризм қўмитаси кўмагида ўтказилди.
Форумда халқаро меҳмонхона брендлари, инвесторлар, соҳа экспертлари, рестораторлар ҳамда таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Мулоқотлар давомида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган инновацион ёндашувлар, инвестицион имкониятлар ва замонавий бошқарув усуллари муҳокама қилинди.


Тадбирда айниқса касбий таълимни такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар Ўзбекистон туризмининг келажагини белгилайдиган янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим жараёнига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш, амалий кўникмаларни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Қайд этилишича, инновация ва инсон омилининг уйғунлиги замонавий хизмат сифатида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Хорижий иштирокчилар Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик соҳасидаги юқори салоҳиятини эътироф этди. Шунингдек, мамлакатда халқаро таълим стандартлари ва илғор тажрибаларни жорий этиш учун барча шароитлар мавжуд экани таъкидланди.
Форум доирасида Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Жумладан, “Chusty Group”, Тошкент халқаро “Kimyo” университети, Профессионал таълим агентлиги, Бўстонлиқ ва Зомин туризм ҳамда маданий мерос техникумлари, шунингдек Ўзбекистон–Малайзия–Индонезия туризм ассоциацияси (UMITA) билан келишувларга эришилди.
Имзоланган ҳужжатлар касбий таълимни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш ва туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Мутахассислар фикрича, бундай ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақадаги туризм маркази сифатидаги ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилади.

