2025 йилда Тожикистонда 2,8 миллион тоннадан ортиқ кўмир қазиб олинди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 235 минг тонна ёки 10 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Душанбе шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир маълум қилди.
Кўмир экспорти ҳажми 42 фоизга ошди: хорижга жами 558,7 минг тонна кўмир етказиб берилган. Асосий харидор Ўзбекистон бўлиб, у умумий ҳажмнинг 99,91 фоизини — 558,2 минг тоннасини харид қилди. Қолган 474 тонна кўмирни эса Афғонистон сотиб олган.
Ички бозорда 2,27 миллион тонна кўмир сотилган: 800 минг тоннаси Душанбе шаҳридаги ИЭС-2га йўналтирилган, тахминан 451 минг тоннаси эса аҳолига сотилган.
Яқин йилларда янги кўмир корхоналарини қуриш режалаштирилган. Бу борада Россия, Хитой, Европа Иттифоқи давлатлари ҳамда Ўзбекистон компаниялари билан инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

