Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистондаги қопланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларини тарқатиш билан шуғулланувчи етакчи компаниялардан бири бу Green Line Trading (GLT) фаолиятини кенгайтиришни молиялаштирмоқда.
GLT ЕТТБ томонидан ташкил этилган 15 миллион еврогача бўлган молиявий пакетни олади. У 9 миллион еврогача айланма капитални молиялаштириш учун кредит ва 6 миллион еврогача янги B тоифадаги омборхона қурилиши учун ажратиладиган кредитдан иборат бўлади.
Майдони 16 128 квадрат метр бўлган янги омборхона компаниянинг умумий дистрибуция қувватини икки бараварга оширади. Кенгайтириш ишлари ЕТТБ ҳузуридаги FINTECC — иқлим ўзгаришига қарши молия ва технологиялар трансфери маркази томонидан 259 минг еврогача имтиёзли аралаш молиялаштириш орқали қўллаб-қувватланади. Ушбу дастур экологик тоза технологияларни жорий этиш учун молиявий рағбатлар тақдим этади.
Компания FINTECC маблағлари ҳисобига қуввати 400 кВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш, электромобиллар учун қувватлаш станцияларини қуриш ва омборхонада термомодернизация ишларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу барқарор ривожланиш чоралари натижасида компаниянинг йиллик CO₂ чиқиндилари 467 тоннага камайиши ва энергия тежамига эришилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида GLT мамлакат бўйлаб чакана савдо нуқталари сонини 30 мингтага етказиш, дистрибуция тармоғини мустаҳкамлаш ва маҳсулотлар портфелини диверсификация қилишни ҳам режалаштирган.
Лойиҳа Япония-Европа ҳамкорлик жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

