Жогорку Кенеш мажлисида депутат Умбетали Кыдыралиев қўшни давлатлардан сув учун тўлов ундириш ёки камида ГЭСлар ва сув омборларини тиклаш ҳамда сақлаш харажатлари учун компенсация олиш ташаббуси ҳақида фикр билдирди.
Кыдыралиевнинг айтишича, унинг сўзлари қўшни мамлакатларда турлича талқин қилиниб, муайян муносабатларга сабаб бўлган. Унинг таъкидлашича, бу ҳолатга айрим мухолифат вакиллари ҳам турлича изоҳ бермоқда.
«Менга Ўзбекистон ва Қозоғистондаги дўстларим ёзиб, нима учун бундай деганимни сўрашяпти. Аслида бу геосиёсат масаласи. Агар биз келишувлар асосида сувни берсак, улар ҳам бошқа соҳаларда бизга ён беришади», — деди парламент аъзоси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қўмита йиғилишида депутат сўнгги йилларда республика сув омборларидан чиқадиган сувнинг қарийб 80 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилаётганини, бироқ Қирғизистон кўраётган иқтисодий йўқотишлар қопланмаётганини айтган эди.
«Маълумотларни кўриб чиқдим — маълум бўлишича, сув омборларидаги сувнинг қарийб 80 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистонга кетар экан. Бироқ сув омборларини таъмирлаш, сақлаш, дамбаларни мустаҳкамлаш керак. Қўшниларимиз бу харажатларни қоплаб бериши керак. Бу халқаро ҳуқуқда тан олинган меъёр. Масалан, АҚШ Канадага сув учун тўлайди, Германия эса Швецияга», — деди депутат.

