2025 йилда Рақобатни ривожлантириш қўмитаси электрон тижорат соҳасида фаолият юритаётган компаниялар билан боғлиқ фуқаролардан келиб тушган қарийб 3 100 та мурожаатни кўриб чиқди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Энг кўп шикоятлар Uzum Market ва Uzum Nasiya сервислари бўйича келиб тушган бўлиб, уларга 1 693 та мурожаат тўғри келади.
Шунингдек, мурожаатлар сони бўйича қуйидаги платформалар ҳам қайд этилган:
- Market Yandex Go — 10,8%
- Texnomart — 5,5%
- Ishonch — 5,4%
Топ-10 рўйхатидан, шунингдек, қуйидагилар ўрин олган:
- Alif Shop — 4,9%
- Uzum Tezkor — 3,8%
- Openshop — 1,8%
- ZoodMall — 1,8%
- idea — 1,5%
Мурожаатлар таҳлили савдо платформалари фаолиятида учраётган асосий муаммоларни кўрсатган. Энг кўп учраган шикоятлар қуйидагилар билан боғлиқ:
- кафолатли хизмат кўрсатиш ва товарни алмаштиришда қийинчиликлар;
- ишончсиз реклама;
- етказиб беришни ташкил этишдаги камчиликлар;
- тўловларни амалга оширишдаги муаммолар;
- кредитга олинган сифатсиз маҳсулотларни қайтаришдаги қийинчиликлар.
Шу билан бирга, айрим мурожаатларда айрим платформалар фаолиятига нисбатан ижобий фикрлар ҳам билдирилган.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида қўмита томонидан 7,3 млрд сўм миқдоридаги тўловларни қайта ҳисоблашга эришилди. 9,6 миллион истеъмолчига етказилган зарарнинг қопланиши таъминланди.
Мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича энг юқори кўрсаткич қуйидаги платформаларда қайд этилди:
- idea — 84,8%
- Uzum Tezkor — 82,6%
Таққослаш учун:
- Uzum Market — 72,7%
- Uzum Nasiya — 71,9%
- Market Yandex Go — 63,5%
Шунингдек, идора электрон тижорат соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича хулоса ва таклифлар тайёрлаган.

