Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина онкологик касалликлар хавфини оширади, деган мазмундаги хабарлар тарқалмоқда. Мазкур маълумотларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, бундай даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди ва ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Мутахассис пандемия бошланганидан буён дунё бўйлаб тахминан 710 миллион киши коронавирус билан касаллангани, 7 миллиондан ортиқ инсон вафот этганини эслатди. Вакциналар ва оммавий эмлаш ишлари бўлмаганида, ушбу кўрсаткичлар янада юқори бўлиши мумкин эди. Айниқса, пандемиянинг биринчи йилида, вакциналар ҳали мавжуд бўлмаган даврда ўлим ҳолатлари юқори бўлгани қайд этилди.
Нурмат Отабеков амалда қўлланилаётган вакциналар инсон геномига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим эмланган фуқароларда вақтинчалик нохуш ҳолатлар — тана ҳарорати кўтарилиши, нафас олишда қийинчилик, юрак уриши тезлашиши каби белгилар кузатилгани, аммо улар одатда 2–3 кун ичида бартараф бўлиши айтилди.
Мутахассис эмлашдан кейин гўёки организмга таъсирни “йўқотиш” учун турли ўсимликлардан фойдаланиш кераклиги ҳақидаги фикрларга ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ҳеч бир ўсимлик эмлаш орқали шаклланган иммунитетга таъсир ўтказиш ёки уни бартараф этиш хусусиятига эга эмас.
Қайд этилишича, пандемия даврида вакциналардан фойдаланиш эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришга ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилган.

