Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ўсишда давом этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра муомалада 68,2 миллиондан ортиқ банк карталари мавжуд бўлган.
Ўтган йил давомида тўлов инфратузилмаси ҳам кенгайди. POS-терминаллар сони 430 762 тага, банкомат ва инфокиосклар сони эса 40 090 тага етди. 2025 йил январь–декабрь ойларида терминаллар орқали амалга оширилган операциялар ҳажми 460,3 триллион сўмни ташкил этди.
Таққослаш учун, 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра мамлакатда 61,9 миллионта банк картаси, 426 225 та POS-терминал ва 29 909 та банкомат мавжуд эди. 2024 йил январь–декабрь ойларида терминаллар орқали амалга оширилган нақд пулсиз тўловлар айланмаси 326,7 триллион сўмни ташкил қилган.
Шундай қилиб, бир йил ичида банк карталари сони 6,2 миллионтага, POS-терминаллар 4 537 тага, банкомат ва инфокиосклар эса 10 181 тага кўпайди. Нақд пулсиз операциялар ҳажми 133,5 триллион сўмга, яъни тахминан 41 фоизга ошди.
Тўлов тизими кўлами демографик кўрсаткичлар билан ҳам таққосланмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси сони 38,24 миллион нафарни ташкил этиб, бир йилда 1,8 фоизга ошган. Шу тариқа, мамлакатдаги банк карталари сони аҳоли сонидан қарийб 1,8 баробар кўп.

