Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазият барқарор бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий изоҳ берди.
Сўнгги кунларда айрим мактабгача таълим ташкилотларида гўёки “карантин” жорий этилиши мумкинлиги ҳақида турли маълумотлар тарқалган эди. Мутахассислар ушбу хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда пойтахтда карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик ҳолат кузатилмаяпти. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тилга олинаётган қизамиқ, менингит, гепатит, сил каби касалликлар бўйича ҳам карантин жорий этишни талаб қиладиган вазият мавжуд эмас.
Мутахассислар ҳар йили қиш мавсумида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш ҳолатлари мавсумий равишда ортиб боришини таъкидлади. Шу муносабат билан таълим муассасаларида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида эрталабки фильтр жараёнлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик аломатлари кузатилган болаларни вақтинча ажратиш ва ота-оналарга тегишли тавсиялар бериш каби профилактик чоралар кўрилмоқда.
Маълум қилинишича, айнан шу фильтр тадбирлари айрим фуқаролар томонидан нотўғри талқин қилиниб, “карантин” сифатида қабул қилинган.

